(8361)222-84-07

Аудитория раҳбарининг абитуриентларга эслатмаси

 

Ҳурматли абитуриентлар! Мана бугун Республикамизнинг барча олий таълим муассасаларида тест синови жараёни бошланди. Сизларга тест синовини муваффақиятли топширишларингизда куч қувват тилайман. Тест синовини топшириш жараёнида қуйидагиларга амал қилишингизни эслатиб ўтишни лозим деб биламан:

Абитуриент саволлар китоби ва жавоблар варақасини олгандан сўнг, соат 9.00 гача саволлар китоби рақами билан жавоблар варақаси рақами мослигини ва ҳар бир фан бўйича 36 тадан тест саволлари ва жавоблари берилганлигини синчиклаб текшириб чиқади. Агар унда фанлар бўйича тест топшириқларида типографик хато, бошқа сабабларга кўра тўла нашр қилинмаган ўринлар, бетлар алмашиши ва шунга ўхшаш хатолар бўлса, дарҳол аудитория раҳбарига хабар бериши керак. Тест синовлари бошлангунча абитуриент нуқсонсиз тест материаллари билан таъминланади.

Абитуриент саволлар китобидан «Абитуриентлар диққатига» қисмини ўқиб чиқиши ва белгиланган қоидаларни бажариши шарт.

Абитуриент жавоблар варақаси берилгандан кейин абитуриент рухсатномаси ва титул варақасининг тегишли жойларига жавоблар варақаси рақамини кўчириб ёзиши лозим. Шундан сўнг, титул варақасида кўрсатилган таълим муассасасининг коди, махсус код ва танлов кодини жавоблар варақасига кўчириб ёзади ва тегишли доирачаларни бўяйди.

Абитуриент томонидан титул варақасидан жавоблар варақасига кўчирилган таълим муассасаси коди, махсус код ва танлов кодини абитуриентнинг таълим тили, таълим йўналиши, таълим муассасаси, ижодий ва чет тили имтиҳонлари баллари ҳамда ҳарбий имтиёзини белгиловчи ягона маълумот бўлганлиги сабабли, тўлдирилмаган жавоблар варақаси бўйича натижа чиқарилмайди ва эътирозлар қабул қилинмайди.

Абитуриент рухсатномасининг тегишли жойига ёзув тахтаси (доска)дан аудитория раҳбарининг фамилияси, исми ва отасининг исмини кўчириб ёзади.

Абитуриент жавоблар варақасининг 1-блокига ва саволлар китоби муқовасининг белгиланган жойига ўзи ҳақидаги тегишли маълумотларни ёзиб, имзо қўяди. Агар абитуриент томонидан ушбу маълумотлар киритилмаган тақдирда, ихтиёрий босқичда далолатнома тузилади ва бу натижа чиқарилмаслигига асос бўлади.

Саволлар китобидаги ҳар бир фан 36 та топшириқни ўз ичига олади. «Математика (информатика билан)» фанидан тест саволлари «Математика» фани бўйича биринчи 30 та савол, «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича охирги 6 та саволдан иборат бўлади.

Абитуриентга тест топшириқларини бажариш учун 72 саволга 2 соат, 108 саволга 3 соат вақт берилади. Жавобларни кўчириб бўяш учун тест синовига ажратилган вақтдан ташқари 20 дақиқа қўшиб берилади.

Ҳар бир саволга 4 тадан («А», «В», «С», «D») жавоблар варианти берилган бўлиб, абитуриент улардан фақат биттасини саволлар китобчасида белгилаши (саволлар китобида белгиланган жавобларни ўзгартириш мумкин), кейинчалик жавоблар варақасининг мос фан блокидаги доирачани белгиланган тартибда бўяши керак.

Ҳар бир тест саволига фақат битта жавоб белгиланиши шарт. Агар жавоблар варақасидаги «Белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан битта саволга жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу жавобга балл берилмайди. Жавоблар варақаси абитуриент томонидан ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдирилади.

Жавоблар варақаси тўғри тўлдирилиши учун абитуриент шахсан жавобгардир. Жавоблар варақасидаги тегишли доирачаларни нотўғри белгилаган абитуриентларнинг эътирози кўриб чиқилмайди.

Тўлдирилган жавоблар варақаси абитуриентнинг билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кирган бўлса, тест синовлари давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки ёрдам берса, тест синови учун ажратилган вақт тугаганидан кейин тест материалларини топширишдан бош тортса, тест материалларини аудиториядан ташқарига чиқарса, саволлар китоби варағини йиртса абитуриент тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва Давлат тест маркази вакили ёки аудитория раҳбари ва кузатувчилари томонидан далолатнома тузилиб, абитуриент тест жараёнидан четлаштирилади.

Тест синовларини топшириш вақтида абитуриентнинг аудиториядан чиқиши тақиқланади, аудиториядан чиққан абитуриентлар қайтадан тест синовларига қўйилмайди, соғлиғининг ёмонлашиши ва бошқа шу каби ҳолатларда тест материалларисиз қават бўйича вакил кузатуви остида аудиториядан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.